Ўзбекистон

"UzTex Учкургон" тўқимачилик корхонаси қуввати кенгаймоқда

"UzTex Uchkurgon" тўқимачилик корхонаси қуввати кенгаймоқда

Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида жойлашган “UzTex Учкургон” тўқимачилик корхонаси ҳудуддаги энг йирик саноат объектларидан бири ҳисобланади. Бу ерда 6000 нафардан ортиқ ишчи доимий иш ўрни билан таъминланган бўлиб, корхона нафақат маҳаллий, балки республика тўқимачилик бозорида ҳам муҳим ўрин эгаллайди.

Ҳозирда корхона ҳудудида янги ишлаб чиқариш бинолари қурилиши давом этмоқда. Мазкур лойиҳа ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва қўшимча иш ўринлари яратишга хизмат қилади. Янги бинолар фойдаланишга топширилгач, яна юзлаб маҳаллий аҳоли иш билан таъминланиши кутилмоқда.

Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Учқўрғон туманига амалга оширган хизмат сафари чоғида саноат соҳасидаги лойиҳалар ва ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан яқиндан танишди. Унинг ташрифи корхонанинг ривожланиш суръатлари ва мавжуд имкониятларини аниқлашга қаратилди.

Шунингдек, ҳоким “Ўрдабоғ” маҳалласида фаолият юритаётган тадбиркор Камолиддин Мамадаминов томонидан ташкил этилган тикувчилик корхонасига ташриф буюрди. Бу ерда 50 нафардан зиёд хотин-қизлар доимий иш билан таъминланган бўлиб, асосий маҳсулот сифатида мактаб формалари ишлаб чиқарилмоқда.

Ташриф чоғида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, уларнинг фикр-мулоҳаза ва таклифлари тингланди. Вилоят раҳбари томонидан аниқ тавсиялар берилди ва қўшимча қувватларни ишга тушириш орқали янги иш ўринлари яратиш мақсадида тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда амалий чора-тадбирлар белгиланди.

“UzTex Учкургон” ва маҳаллий тикувчилик корхоналаридаги бу каби ишлар нафақат саноатни ривожлантириш, балки аҳоли бандлиги ва турмуш даражасини яхшилашга хизмат қилмоқда.

Батафсил ўқиш Тўқимачилик саноатида қўшма лойиҳалар: Тожикистон делегацияси Наманганда