Бухородаги янги тикувчилик корхонаси 80 нафар аёл-қизни иш билан таъминлади

Бухоро вилоятида енгил саноат изчил ривожланиб, янги ишлаб чиқариш қувватлари ва иш ўринлари яратилмоқда.
Жумладан, Вобкент туманида фаолият юритаётган «Ҳаж тех» тикувчилик корхонаси қисқа вақт ичида ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириб, 80 нафар аёл-қизни доимий иш билан таъминлади.
Корхонада замонавий тикув ускуналари ўрнатилган бўлиб, тикувчилик касбига қизиқувчи ёшлар ва хотин-қизлар бепул касб-ҳунарга ўқитилмоқда.
Айни пайтда корхонада ишлаб чиқарилаётган кийим-кечак ва трикотаж маҳсулотларини Россия, Беларусь, Италия ҳамда АҚШ бозорларига экспорт қилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Яқин келажакда ишчилар сонини 150 нафарга етказиш режалаштирилган. Мазкур корхона маҳаллий саноат салоҳиятини юксалтириш, экспорт ҳажмини кенгайтириш ва аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
