Чуст Техтиле кенгаймоқда

Наманган вилоятининг Чуст туманида жойлашган “Чуст Техтиле” корхонаси жадал ривожланиб, экспорт ҳажмини сезиларли даражада оширмоқда. 2024 йилда 21,4 миллион АҚШ доллари миқдорида экспорт қилган корхона, 2025 йилнинг биринчи ярмида эса 11,8 миллион долларлик маҳсулотни ташқи бозорларга етказди.
Наманган вилояти божхона бошқармаси бошлиғи У.Кодиров томонидан корхонада ўтказилган сайёр учрашувда экспортдаги ютуқлар, имкониятлардан самарали фойдаланиш ва божхона тизимидаги имтиёзлар ҳақида фикрлар билдирилди.
Корхона фаолиятини кенгайтириш мақсадида янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ишлари давом этмоқда. Хусусан, Хитойдан олиб келинган хомашё асосида маиший кимё ва косметика воситалари ишлаб чиқариш линияси ишга туширилади.
Ижтимоий йўналишда ҳам муҳим ишлар амалга оширилмоқда: ходимлар учун 360 ўринли замонавий ётоқхона ва 150 нафар болага мўлжалланган болалар боғчаси фойдаланишга топширилди.
Учрашувда божхона ҳудудида тақдим этиладиган имтиёзлар, ваколатли иқтисодий оператор мақоми ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун яратилаётган қулайликлар ҳақида маълумот берилди.
Мазкур учрашув ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркорлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва божхона маъмуриятчилигини такомиллаштиришга қаратилган амалий саъй-ҳаракатларнинг намунаси ҳисобланади.
