Наманганда тўқимачилик маҳсулотлари учун бўёқлар ишлаб чиқарилади

Маҳаллий тўқимачилик корхоналарининг четдан келтириладиган кимёвий маҳсулотларга бўлган қарамлигини камайтириш мақсадида Наманган вилоятининг Чуст туманида тўқимачилик маҳсулотлари учун бўёқлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Мазкур лойиҳа доирасида Хитойнинг “Раисинг Сун Течнологй” компанияси раҳбари Мао Бу Се Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов билан учрашиб, лойиҳанинг асосий йўналишлари ва уни амалга ошириш жараёнларини муҳокама қилди. Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришди.
Умумий қиймати 200 миллион доллардан ортиқ бўлган лойиҳа уч босқичда амалга оширилади. Дастлабки босқичга 85 миллион доллар инвестиция йўналтирилиб, 500 та янги иш ўрни яратилади.
Янги корхона маҳаллий тўқимачилик саноатини зарур бўлган бўёқ ва кимёвий маҳсулотлар билан таъминлаш, импортга қарамликни камайтириш ҳамда ишлаб чиқариш таннархини пасайтиришга хизмат қилади.
