Ўзбекистон

Ўзбекистонда 50 трлн сўмлик 163 та объект ишга туширилди

Ўзбекистонда 50 трлн сўмлик 163 та объект ишга туширилди

Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ҳудудларда умумий қиймати 50 трлн сўмлик 163 та янги объектни ишга тушириш маросими бўлиб ўтди. Уларнинг 72 таси йирик саноат ва сервис лойиҳалари, 91 таси эса ижтимоий соҳа объектларидир.

Янги лойиҳалар энергетика, қишлоқ хўжалиги, металлургия, автомобилсозлик, электротехника, қурилиш материаллари, кончилик, тўқимачилик ва енгил саноат каби соҳаларни қамраб олди.

Хусусан, Андижон, Наманган ва Жиззах вилоятларида тўқимачилик, трикотаж ва гиламчилик корхоналари фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу корхоналар мамлакатнинг экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Янги лойиҳалар доирасида 15 мингта иш ўрни яратилиши ва бюджетга йилига 1 трлн сўм қўшимча тушум келиши кутилмоқда.

Ижтимоий соҳа бўйича эса 36 та боғча, 43 та мактаб, 7 та олий таълим муассасаси ва 3 та шифохона фойдаланишга топширилди.

Президент янги лойиҳалар мамлакат иқтисодий салоҳияти ва экспорт имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.

Батафсил ўқиш Янги жинсининг нега эскиртирилгандек кўринишини биласизми?