ДунёдаЎзбекистон

Польшада Ўзбекистон маҳсулотлари учун савдо хаби иш бошлади

Польшада Ўзбекистон маҳсулотлари учун савдо хаби иш бошлади

“Дунё” АА маълум қилишича, Ўзбекистон ва Польша енгил саноат соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қатор муҳим келишувларга эришди.

Нозимжон Холмуродов бошчилигидаги ўзбек делегациясининг Польшага ташрифи давомида савдо, инвестиция ва экспорт масалалари муҳокама қилинди. Варшавада ўтказилган бизнес-форумда 80 дан ортиқ компания иштирок этиб, ўзбек тўқимачилик маҳсулотлари экспортини кенгайтириш ҳамда янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича музокаралар олиб борилди.

Томонлар Польша Инвестициялар ва савдо агентлигининг Тошкентдаги ваколатхонасини очиш, қўшма инвестиция лойиҳаларини йўлга қўйиш ва ўзбек маҳсулотларининг Европа бозоридаги улушини оширишга келишиб олди.
Шунингдек, Польшанинг Лодзь шаҳрида ўзбек енгил саноат маҳсулотлари учун савдо хаби ҳамда Намангандаги “АРТ СОФТ” компаниясининг янги шоурум ва омбор мажмуаси иш бошлади. Бу эса маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг Европа бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтиради.

Бундан ташқари, Польшанинг йирик мода компанияси ЛПП С.А. билан ҳамкорликда “Ресервед” ва “Моҳито” брендлари учун Ўзбекистонда 1 миллион дона маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича келишувга эришилди.

Ушбу келишувлар Ўзбекистоннинг Европа бозоридаги мавқеини мустаҳкамлаш ва экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Батафсил ўқиш Ўзбек тўқимачилик маҳсулотлари Озарбайжонда