Қирғизистонда тўқимачилик чиқиндилари қайта ишланмоқда

Тикувчилик чиқиндилари энди шунчаки ташлаб юбориладиган чиқинди эмас. Қирғизистонда улар қайта ишланиб, иқтисодиёт ва экология учун муҳим аҳамиятга эга бўлган янги маҳсулотларга айлантирилмоқда.
Аламедин туманидаги Мраморное қишлоғида жойлашган мамлакатдаги ягона лицензияли корхона тикувчилик фабрикаларида ҳосил бўладиган мато қолдиқларини қайта ишлаб, улардан гилам, жойнамоз, ватин ва термовойлок каби маҳсулотлар ишлаб чиқармоқда.
Корхонада 48 нафар ходим меҳнат қилади. Хомашё асосан Бишкекдаги 100 та тикувчилик корхонасидан йиғилади. Ҳозирда корхона кунига қарийб 3 минг тонна хомашёни қайта ишламоқда, келгусида эса ишлаб чиқариш қувватини 20 минг тоннагача ошириш режалаштирилган.
Ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг бир қисми ички бозорга етказиб берилса, ватин ва термовойлок Қозоғистонга экспорт қилинади.
Ушбу лойиҳа тўқимачилик чиқиндилари ҳажмини қисқартириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда экологик тоза ишлаб чиқаришни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
