Савдо, саноат ва миграция: Ўзбекистон ва Сербия ҳамкорлигида янги босқич

Ўзбекистон ва Сербия савдо-иқтисодий алоқаларини кенгайтирмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сербияга расмий ташрифи доирасида қатор муҳим келишувларга эришилди.
Саноат соҳасида 2026–2028 йилларга мўлжалланган қўшма Ҳаракатлар режаси қабул қилиниб, янги ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш ва саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича аниқ вазифалар белгиланди. Бу эса икки давлат ўртасида технологик ҳамкорлик ва инвестиция лойиҳаларини ривожлантириш учун янги имкониятлар яратади.
Шунингдек, транспорт, озиқ-овқат ва енгил саноат ҳамда қишлоқ хўжалигида қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш, эркин савдо тўғрисидаги битим бўйича музокараларни бошлашга келишиб олинди.
Меҳнат миграцияси ва фуқаролар мобиллиги бўйича битим имзоланди. Самарқанд вилояти ва Войводина ҳудуди, Самарқанд ва Нови-Сад шаҳарлари ўртасида ҳамкорлик ўрнатилди.
Ўзбекистон 2027 йилда Белградда ўтказиладиган ЭХПО-2027 халқаро кўргазмасида миллий павильон билан иштирок этади.
