Стрессдан ҳимоя қилувчи инновацион куртка

Кун бўйи ишлаб ёки ўқиб чарчадингизми, стресс ва асабийликдан толиқдингизми? Энди бунга қарши замонавий технологик ечим ҳам бор.
Британиянинг Воллебак компанияси стресс ва руҳий чарчоқни камайтиришга ёрдам берувчи ақлли курткани тақдим этди. Унинг ичига ўрнатилган ўнлаб кичик динамиклар махсус товуш ва вибрациялар орқали инсонни тинчлантиришга хизмат қилади.
Ишлаб чиқувчиларнинг таъкидлашича, куртка сайр пайтида, ишга кетаётганда ёки гавжум шаҳарда ҳаракатланиш давомида асабийликни камайтириб, диққатни жамлашга ёрдам беради. Энг қизиғи, бунинг учун қулоқчин ҳам керак эмас — куртканинг ўзи шахсий товуш муҳитини яратиб, ташқи шовқинлар таъсирини камайтиради.
Мазкур янгилик руҳий саломатликни қўллаб-қувватлашга қаратилган замонавий технологияларнинг яна бир қизиқарли намунаси сифатида эътироф этилмоқда.
