Тикувчилик ва тўқимачилик ходимлари даромад солиғидан озод қилинди

Қирғизистонда енгил саноатни ривожлантириш, унинг рақобатбардошлигини ошириш ва соҳада бандликни кенгайтириш мақсадида муҳим қарор қабул қилинди. Президент Садир Жапаров “Иқтисодиётнинг айрим тармоқларини қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида”ги Фармонни, шунингдек солиқ қонунчилигига ўзгартишлар киритишни назарда тутувчи қонунни имзолади.
Мазкур ташаббусга мувофиқ, тикувчилик ва тўқимачилик саноати ходимларининг иш ҳақи 2030-йил 1-январгача даромад солиғидан тўлиқ озод қилинади. Бу эса минглаб ишчилар учун сезиларли молиявий енгиллик яратиб, корхоналар фаолиятининг барқарорлашишига ва янада ривожланишига хизмат қилади.
Шу билан бирга, Президент Вазирлар Маҳкамасига ушбу қонун лойиҳасини бир ой муддатда Жўқорғи Кенгешга тақдим этиш топшириғини берди. Кутилишича, солиқ имтиёзлари енгил саноатнинг иқтисодий салоҳиятини кучайтиради ва янги иш ўринларининг яратилишига туртки беради.
