Туркманистон

Туркманистон енгил саноатидаги янги лойиҳалар ишга тушмоқда

Туркманистон енгил саноатидаги янги лойиҳалар ишга тушмоқда

Туркманистоннинг тўқимачилик саноати инновацион ёндашувлар, тизимли ислоҳотлар ва илғор технологиялар асосида жадал ривожланмоқда. Мамлакатда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш, экспорт салоҳиятини ошириш ва ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтиришга эътибор қаратилади.

Дашоғуз вилоятининг Сапармурат Туркманбоши номли туманида замонавий тўқимачилик фабрикаси қурилмоқда. Бу фабрика калава ип, мато, трикотаж ва тикув маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. 2025 йил учун ажратилган 200 миллион манатлик инвестиция янги ишлаб чиқариш объектларини барпо этишга йўналтирилади.

Лойиҳа сифатли, экологик тоза ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда янги иш ўринлари яратиш имкониятини беради. Бу эса бандликни ошириш, солиқ тушумларини кўпайтириш ва мамлакат фаровонлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Самарадорлиги паст корхоналарни хусусийлаштириш ва модернизация қилиш ҳам режалаштирилган.

Бизнес Туркманистон маълумотига кўра, Дашоғузда пахта уруғини қайта ишлашга ихтисослашган янги завод қурилиши ҳам кўзда тутилмоқда. Йилига 60 минг тонна хомашё қайта ишлаш қувватига эга бўлган бу корхона халқаро стандартларга мос пахта ёғи ишлаб чиқаради. Мазкур лойиҳа бўйича халқаро тендер эълон қилинган бўлиб, аризалар 30 иш куни давомида қабул қилинади.

Маҳаллий тўқимачилик маҳсулотлари ИСО 9001, ИСО 14001 ва ОҲСАС 18001 сертификатларига эга. «Гала», «Җеңиш», «Гоза», «Вада», «Нусай», «Бедев», «Бүргүт», «Акпамык», «Мерв», «Жейтун» ва «Манә» брендлари остида ишлаб чиқарилаётган экологик тоза маҳсулотлар ички ва ташқи бозорда талабга эга.

Экспорт маҳсулотлари асосан уй тўқимачилиги, спорт ва жинси кийимлар бўлиб, улар Пума (Германия), Wal-Март (АҚШ), Лидл (Германия), Бершка (Испания), Пулл&Беар (Испания) ва Cosco (АҚШ) каби брендлар номидан экспорт қилинади.

Туркманистонда миллий мода саноати ҳам ривожланиб, мода кўргазмалари ўтказилмоқда, дизайн йўналишлари кенгаймоқда. Саноатчилар ва тадбиркорлар табиий хомашё ва инновацион технологиялар асосида янги лойиҳалар яратади, бу эса саноатнинг барқарор ривожланишига хизмат қилади.

Батафсил ўқиш Наманганда $151 млнлик тўқимачилик лойиҳаси